Навоий вилояти педагогик маҳорат марказида «Замонавий ўқитувчи — янги Ўзбекистон таянчи» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида жорий йилнинг январь–сентябрь ойлари давомида амалга оширилган салмоқли ишлар ва эришилган натижалар жамоатчиликка очиқ ва шаффоф тарзда тақдим этилди.
Энг муҳим ва эътиборга молик кўрсаткичларга биргаликда назар солайлик:
Юқори илмий ва кадрлар салоҳияти: Бугунги кунда Педагогик маҳорат марказининг илмий салоҳияти 57%ни ташкил этмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида профессор-ўқитувчиларимиздан бир нечтаси PhD ва DSc илмий даражаларини ҳимоя қилди, Франциянинг Франкофония тил марказида малака ошириб қайтди.
Педагоглар малакасини ошириш тизими: Марказда 31 та таълим йўналиши бўйича ҳар ой ўртача 500–530 нафар педагог ўз билимини бойитмоқда. Йил бошидан бери қарийб 6000 нафардан зиёд ўқитувчиларнинг касбий кўникмалари замонавий талаблар асосида янгиланди.
«Касбий ривожланиш» ва амалий кўмак: «Касбий ривожланиш куни» доирасида минглаб педагоглар рақамли педагогика, сунъий интеллект ва «Келажак соати» дарсларини ўтишга ўргатилди. Олис ва чекка ҳудудлардаги мактабларга бевосита ёрдам бериш учун тажрибали «мастерлар корпуси» ташкил этилиб, ёш мутахассисларга устозлик қилинмоқда.
Халқаро ҳамкорлик ва STEM таълим: PISA, PIRLS, TIMSS халқаро баҳолаш дастурлари асосида 28 та амалий семинар ўтказилиб, 786 нафар STEM/STEAM йўналиши ўқитувчилари илғор методикаларга ўргатилди. Шунингдек, хорижий етакчи таълим марказлари билан ҳамкорлик алоқалари изчил давом этмоқда.
Таълим сифатини ошириш ва эртанги кунимиз учун мустаҳкам пойдевор қўйишга қаратилган бу каби хайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда.


